Гулистон давлат университетида замонавий лаборатория очилди

Гулистон давлат университетида Германия, Италия, Испанияда ишлаб чиқарилган қиймати 46 минг еврога тенг 20 турдаги лаборатория жиҳозлари жиҳозланган Қайта тикланувчи энергия манбалари лабораторияси очилди. 

Лаборатория Европа иттифоқининг “ЕРАСМУС+” дастурининг “RENES: Қайта тикланувчи енергия манбалари ва барқарор атроф муҳит мутахассислиги бўйича магистрлар дастурини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган

Лойиҳа бош координатори Л’Акуила университети (Италия) профессори Анна Тоцзи ва юртимиздаги миллий координатор АнДУ профессори Райимжон Алиевлар ҳисобланишади.

Лаборатория Оксфорд университетининг Резерфорд лабораторияси “Микроэлектроника ва наноелектроника” қўллаб-қувватлаш марказининг ЕВРОПРАКТИК тизимига онлайн тарзда уланган.

Европанинг 600 дан ортиқ нуфузли университетлари онлайн тарзда уланган ЕВРОПРАКТИК тизимига Ўзбекистонда Андижон, Урганч давлат университетларидан кейин Гулистон давлат университети ҳам уланди.

Лабораториянинг очилиш маросимини университет ректори М.Т.Ходжиев кириш сўзи билан очиб берди. Университет ректори кириш сўзида бугунги кунда мамлакатимиз ривожи учун етук кадрларни етказиш муҳим масала эканини, бунинг учун эса, аввало хорижий тажрибани ўрганиб, етук хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш олий таълим муассасалари олдида турган энг муҳим вазифа эканлигини айтиб ўтди. Бу борада ушбу лабораторияни ташкил этилиши режалаштирилган ишларнинг фақат бошланиши эканлигига урғу берди.

Қатнашчилар лабораторияга ташриф буюриб келтирилган лаборатория жиҳозлари, олиб борилаётган тадқиқот ишлари билан танишдилар. 

Manba: Axborot xizmati

30.03.2019